Европада бир шарпа оралаб юрибди, бу коммунизм шарпасидир. Эски Европанинг ҳамма кучлари; папа подшо, Меттерних ва Гизо, француз радикаллари ва немис полициялари бу шарпага қарши муқаддас газот учун бирлашдилар.
Ҳокимият тепасида турган душманлари томонидан коммунистликда айбланмаган оппозицион партия борми? Ўз навбатида оппозициянинг илғор вакилларини ҳам, шунингдек ўзининг реакцион мухолифларини ҳам коммунистликда айбламаган оппозицион партия борми?
Бу фактдан икки хулоса келиб чиқади.
Ҳозир энди Европадаги ҳамма кучлар коммунизмни бир куч деб танимоқда.
Коммунистларга ўз қарашларини, ўз мақсадларини, ўз истакларини бутун дунё олдида ошкора баён қилиш ва коммунизм шарпаси тўғрисидаги чўпчакларга қарши партиянинг ўз манифестини кўндаланг қилиб қўйиш пайти келди.
Шу мақсадда турли-туман миллатларнинг коммунистлари Лондонда йиғилдилар ва инглиз, француз, немис, итальян, фламанд ва данияликлар тилларида чиқариладиган қуйидаги «Манифест»ни туздилар.
Ҳозирга қадар ўтган ҳамма жамиятлар тарихи синфлар кураши тарихидир.
Ҳур ва қул, патриций ва плебей, помешчик ва крепостной, уста ва халфа, қисқаси, золим ва мазлум ўртасида доим антагонизм бўлиб келди, улар ҳар доим гоҳ яширин, гоҳ очиқ суратда бир-бирига қарши кураш олиб борди; бу кураш ҳар сафар бутун жамият тузумини революцион асосда бошқатдан қуриш билан ёхуд курашувчи синфларнинг умумий ҳалокати билан тугади.
Илгариги тарихий даврларда биз деярли ҳамма ерда жамиятнинг турли табақаларга, яъни ҳар хил ижтимоий мавқедаги гуруҳларга батамом бўлинганини кўрамиз. Биз қадимги Римда патрицийлар, суворийлар, плебейлар ва қулларни; ўрта асрларда феодал ҳокимлар, вассаллар, цех усталари, халфалар ва крепостнойларни ва бунинг устига шу синфларнинг деярли ҳар бирида яна алоҳида градациялар бўлганлигини кўрамиз.
Ҳалок бўлган феодализм жамияти бағридан ўсиб чиққан ҳозирги буржуазия жамияти синфий зиддиятларни йўқотмади. У эски синфлар ўрнига янги синфларни, зулмнинг эски хиллари ўрнига янги хилларини ва курашнинг эски формалари ўрнига янги формаларини майдонга келтирди, холос.
Лекин бизнинг давримиз, буржуазия даври, шу билан фарқ қиладики, у синфий зиддиятларни соддалаштирди: жамият бир-бирига душман икки катта лагерга, бир-бирига қарама-қарши турувчи икки катта синфга буржуазия билан пролетариатга тобора ажралиб бормоқда.
Ўрта аср крепостнойларидан дастлабки шаҳарларнинг озод аҳолиси чиқди; бу шаҳарликлар табақасидан буржуазиянинг дастлабки элементлари ўсиб чиқди.
Американинг очилиши ва Африка атрофида денгиз йўлининг топилиши ўсиб келаётган буржуазия учун янги фаолият соҳасини яратиб берди. Шарқий Ҳиндистон ва Хитой бозорлари, Американинг колонизация қилиниши мустамлакалар билан мол айирбошлаш, айирбошлаш воситалари ва умуман товарларнинг кўпаюви савдо-сотиқни, денгизда қатновни ва саноатни ҳеч мисли кўрил-маган даражада ривожлантирди ва шу билан бузилиб бораётган феодализм жамиятида революцион элементларнинг ўсишини тезлаштирди.
Саноатнинг эски феодал, яъни цех усули янги бозорлар билан бирга ўсиб борган талабни энди қондира олмай қолди. Унинг ўрнини мануфактура эгаллади. Цех усталарини ўрта саноатчи табақа сиқиб чиқарди; ҳар хил корпорациялар ўртасидаги меҳнат тақсимоти йўқолди, бунинг ўрнига айрим ишхоналар ичида меҳнат тақсимоти вужудга келди.
Бозорлар эса тобора кенгайиб ва талаб тўхтовсиз ошиб борди. Энди бу талабни мануфактура ҳам қондира олмай қолди. Ана шу вақтда буғ билан машина саноатда революция қилди. Мануфактура ўрнини ҳозирги замон йирик саноати эгаллади, саноатдаги ўрта табақа ўрнини саноатчи миллионерлар, бутун-бутун саноат армияларининг етакчилари бўлган ҳозирги замон буржуалари эгаллади.
Йирик саноат Американинг очилиши натижасида замини ҳозирланган жаҳон бозорини вужудга келтирди. Жаҳон бозори савдо-сотиқ, денгизларда қатнов ва қуруқдаги алоқа воситаларини жуда ҳам ривожлантириб юборди. Бу ҳол, ўз навбатида, саноатнинг кенгайишига таъсир қилди; саноат, савдо, денгизда қатнов, темир йўллар ривожлана борган сари буржуазия ҳам тараққий қила борди, у ўз капиталини кўпайтира борди ва ўрта асрлардан қолган ҳамма синфларни чеккага суриб чиқара бошлади.
Шундай қилиб, биз ҳозирги замон буржуазиясининг ўзи узоқ давом этган тараққиёт процессининг, ишлаб чиқариш ва айирбошлаш усулидаги бир қанча катта ўзгаришларнинг самараси эканини кўрамиз.
Шу тараққиёт босқичларининг ҳар бирида буржуазия маълум сиёсий муваффақиятга эришиб борди. Феодаллар ҳукмронлиги даврида эзилган табақа, коммунада қуролланган ва ўз-ўзини идора қиладиган ассоциация, бир ерда мустақил шаҳар республикаси, иккинчи ерда монархияга ўлпон тўловчи учинчи табақа, сўнгра, мануфактура даврида, табақали ёки абсолют монархиядаги дворянларга қарама-қарши ўлароқ, умуман йирик монархияларнинг асосий таянчи бўлиб олган буржуазия, ниҳоят, йирик саноат ва жаҳон бозори қарор топган пайтдан буён вакиллар идора қиладиган ҳозирги замон давлатида алоҳида сиёсий ҳукмронликка эга бўлиб олди. Ҳозирги замон давлат ҳокимияти бутун буржуазия синфининг умумий ишларини идора қилиб турувчи бир комитетдир, холос.
Тарихда буржуазия жуда катта революцион роль ўйнади.
Буржуазия ўзи ҳукмронликка эришган ҳамма жойда феодал, патриархал ва осойишта муносабатларни йўқ қилиб ташлади. Буржуазия кишини унинг «табиий ҳукмдори»га боғлаб қўйган турли хил феодал занжирларини аёвсиз парчалаб ташлади ва кишилар ўртасида нуқул манфаатпарастлик ва шафқатсиз «нақдина» асосидаги муносабатдан бошқа ҳеч қандай муносабатни қолдирмади. Буржуазия диний жазава, жувонмардлик завқ-шавқи ва мешчанлик кўнгилчанликларини манфаатпарастликнинг муз дарёсига ғарқ этди. У инсон шахсининг қадр-қимматини алмашув қийматига айлантириб қўйди ва инъом қилинган ҳамда ҳалоллик билан эришилган жуда кўп эркинликлар ўрнига шарм-ҳаёни билмайдиган биргина савдо-сотиқ эркинлигини келтириб чиқарди. Хуллас, диний ва сиёсий хаёлотлар пардасига ўралган эксплуатация ўрнига буржуазия очиқ, шарм-ҳаёсиз, рўйирост, жуда шафқатсиз эксплуатацияни жорий қилди.
Буржуазия ҳозиргача азиз саналган ва иззат-ҳурмат қилиб келинган барча касб-корларни муқаддас шуҳратдан маҳрум қилди. Буржуазия врачни, юристни, руҳонийни, шоирни ва илм аҳлларини ўзининг пулга ёлланиб ишлайдиган хизматкорларига айлантирди.
Буржуазия оилавий муносабатлардаги меҳрибонлик-кўнгилчанлик пардаларини йиртиб ташлади ва уларни нуқул пул муносабатларига айлантириб юборди.
Буржуазия реакционерларни жуда завқлантириб келган ўрта асрлардаги қўпол зўрликнинг табиий ҳамроҳи танбаллик билан сусткашлик эканлигини кўрсатди. У одамнинг фаолияти нималарга қодир эканини биринчи марта кўрсатиб берди. У санъат мўъжизаларини яратди, лекин бу мўъжизалар Миср эҳромлари, Рим водопроводлари ва готик услубдаги черковларга сира ўхшамайди; у халқларнинг кўчишлари ва салиб юришларига мутлақо ўхшамайдиган бошқача юришлар қилди.
Буржуазия ишлаб чиқариш қуролларида тўхтовсиз ўзгаришлар ясаб турмасдан, демак, ишлаб чиқариш муносабатларини, шу билан бирга барча ижтимоий муносабатларни ҳам революционлаштириб турмасдан яшай олмайди. Ҳолбуки, ишлаб чиқариш усулини ўзгартмасдан эски ҳолича сақлаб қолиш илгариги ҳамма саноатчи синфларнинг яшамоғи учун биринчи шарт эди. Ишлаб чиқаришда муттасил ўзгаришлар бўлиб туриши, бутун ижтимоий муносабатларнинг тўхтовсиз ларзага келиб туриши, доимо ишончсизлик ва тинимсизлик буржуа даврини илгариги барча даврлардан ажратиб туради. Котиб қолган ва занг босиб кетган муносабатларнинг ҳаммаси ва шу муносабатлар билан бирга қадимдан бери муқаддас сақланиб келаётган тасаввур ва қарашларнинг ҳаммаси бузилади, янгидан пайдо бўлган ҳамма нарсалар суяги қотар-қотмасданоқ эскириб қолади. Табақага хос ва қотиб қолган ҳамма нарсалар йўқолади, барча муқаддас нарсалар булғанади ва, пировардида, одамлар турмушдаги аҳволларига ва ўзаро муносабатларига ақлидрок билан қарашга мажбур бўладилар.
Маҳсулотни сотиш заруратининг доим ўсиб бориши буржуазияни бутун ер юзини кезишга мажбур қилади. У ҳамма ёққа бориб киришга, ҳамма ерда жойлашиб олишга ва ҳаммаёқ билан алоқа боғлашга ҳаракат қилади.
Буржуазия жаҳон бозорини эксплуатация қилиш йўли билан барча мамлакатлардаги ишлаб чиқариш ва истеъмолни космополитик қилиб қўйди. Буржуазия реакционерларни жуда қаттиқ ранжитиб, саноатни миллий заминидан маҳрум этди. Саноатнинг қадимдан давом этиб келган миллий тармоқлари йўқ қилинди ва кунданкун йўқ қилинмоқда. Саноатнинг янги тармоқлари уларни сиқиб чиқармоқда, бу янги тармоқларнинг пайдо бўлиши барча цивилизацияли миллатларнинг ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолмоқда. Саноатнинг бу тармоқлари энди ёлғиз маҳаллий хом ашёдан эмас, балки ер юзининг энг узоқ ўлкаларидан келтирилган хом ашёдан ҳам мол ишлаб чиқармоқда ва бу тармоқлар ишлаб чиқарган фабрика маҳсулотлари шу мамлакатнинг ўзидагина эмас, балки ер юзининг ҳамма қитъаларида истеъмол қилинмоқда. Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан қаноатланиб келган эски эҳтиёжлар ўрнига янги эҳтиёжлар пайдо бўлмоқда, бу эҳтиёжларни қондирмоқ учун энг узоқ мамлакатларнинг ва жуда хилмахил иқлимларнинг маҳсулотлари керак бўлади. Илгариги эски маҳаллий ва миллий биқиқлик ўрнига, ўзида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳисобига яшаш ўрнига миллатларнинг бир-бирлари билан ҳар тарафлама алоқаси ва бир-бирларига ҳар жиҳатдан боғланиши вужудга келмоқда. Бундай алоқа ва боғланишлар моддий ҳаётга ҳам, маънавий ҳаётга ҳам баб-баравар тааллуқлидир. Айрим миллатларнинг маънавий фаолияти умум бойлигига айланмоқда. Миллий бир ёқламалик ва маҳдудликда яшаш борган сари мумкин бўлмай қолмоқда ва жуда кўп миллий ва маҳаллий адабиётлардан битта жаҳон адабиёти вужудга келмоқда.
Буржуазия ишлаб чиқариш қуролларининг ҳаммасини тезлик билан такомиллаштириш ва алоқа воситаларини жуда ҳам осонлаштириш йўли билан ҳамма миллатларни, ҳатто энг варвар миллатларни ҳам цивилизацияга тортмоқда. Буржуазия товарлари нархининг арзонлиги шундай бир кучли қуролдирки, у шу қурол ёрдамида ҳар қандай саддичинни ҳам бузиб ташламоқда ҳамда варварларнинг ажнабийларга қарши энг қаттиқ нафратини ҳам енгмоқда. У барча миллатларга ҳалокат хавфинн солиб, уларни буржуа ишлаб чиқариш усулини қабул қилшига мажбур этмоқда, уларни цивилизация деб аталган нарсани ўз юртларида жорий этишга, яъни буржуа бўлишга мажбур қилмоқда. Хуллас, буржуазия ўзига монанд ўхшаш бир дунё яратиб олмоқда.
Буржуазия қишлоқни шаҳар ҳукмронлигига бўйсундирди. У катта шаҳарлар бунёд қилди, қишлоқ аҳолиси га нисбатан шаҳар аҳолисининг сонини жуда ҳам кўпайтириб юборди ва, шундай қилиб, аҳолининг кўпгина қисмини қишлоқда ҳукм сурган нодонликдан қутқарди. Буржуазия қишлоқни шаҳарга тобе қилиб қўйгани сингари, варвар ва ярим варвар мамлакатларни, цивилизацияли мамлакатларга, деҳқончилик мамлакатларини буржуазия мамлакатларига, Шарқни Ғарбга қарам қилиб қўйди.
Буржуазия ишлаб чиқариш воситаларининг, мулкнинг ва аҳолининг тарқоқлигини борган сари йўқ қилмоқда. У аҳолини ғуж яшайдиган қилди, ишлаб чиқариш воситаларини марказлаштирди, мулкни озгина одамлар қўлига тўплаб берди. Бунинг муқаррар натижаси эса сиёсий жиҳатдан марказлашиш бўлди. Манфаатлари, қонунлари, ҳукуматлари ва таможня пошлиналари бошқа-бошқа бўлиб, деярли фақат иттифоқдошлик муносабатлари билангина бир-бирларига боғлиқ бўлган областлар ҳукумати бир, қонунчилиги бир, миллий-синфий манфаати бир, таможня чегараси бир бўлган бир миллат бўлиб бирлашдилар.
Буржуазия ўзининг салкам юз йиллик синфий ҳукмронлиги даврида илгариги авлодларнинг ҳаммаси яратган ишлаб чиқарувчи кучларга қараганда жуда кўп ва ғоят катта ишлаб чиқарувчи кучларни вужудга келтирди. Табиат кучларининг бўйсундирилиши, машинали ишлаб чиқариш, саноат ва деҳқончиликка химиянинг қўлланилиши, пароходчилик, темир йўллар, электр телеграф, бутун-бутун қитъаларнинг деҳқончилик учун ўзлаштирилиши, дарёларнинг кема юрадиган қилиниши, аҳолининг мўрмалахдек кўпайиб кетиши ижтимоий меҳнат бағрида шунчалик ишлаб чиқарувчи кучларнинг бекиниб ётганлиги ўтган асрлардан қайси бирида хаёлга келган эди.
Шундай қилиб, биз буржуазиянинг шаклланмоғи учун асос бўлган ишлаб чиқариш ва айирбошлаш воситалари феодализм жамиятида вужудга келганлигини кўрдик. Ана шу ишлаб чиқариш ва айирбошлаш воситаларининг ривожи маълум босқичга етгач, феодал жамиятдаги ишлаб чиқариш ва айирбошлашни, деҳқончилик ва саноатнинг феодалларча ташкил этилишини ўз ичига олган муносабатлар, хуллас, феодал мулкий муносабатлари энди тарақкий қилган ишлаб чиқарувчи кучларга мос келмай қолди. Бу муносабатлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ўрнига унга тўсқинлик қила бошлади, ишлаб чиқариш тараққиётига кишан бўлиб қолди, Уларни парчалаб ташламоқ зарур эди ва улар парчалаб ташланди ҳам.
Бу муносабатлар ўрнини эркин конкуренция ва унга мос бўлган ижтимоий ва сиёсий тузум, буржуазия синфининг иқтисодий ва сиёсий ҳукмронлиги эгаллади.
Худди шундай ҳаракат бизнинг кўз олдимизда ҳам бўлиб турибди. Ўзининг буржуа ишлаб чиқариш ва айирбошлаш муносабатлари билан, буржуа мулкий муносабатлари билан, худди сеҳргар каби шу қадар катта ишлаб чиқариш ва айирбошлаш воситаларини вужудга келтирган ҳозирги замон буржуа жамияти ўзи авраб чиқарган ер ости кучларини эндиликда уддалай олмай қолган сеҳргарга ўхшайди. Бир неча ўн йиллардирки, саноат ва савдо тарихи ҳозирги ишлаб чиқарувчи кучларнинг ҳозирги ишлаб чиқариш муносабатларига қарши, буржуазия ҳаёти ва ҳукмронлиги учун зарур бўлган мулкий муносабатларга қарши исён кўтариш тарихидангина иборат бўлиб қолмоқда. Вақт-вақти билан такрорланиб турадиган, бутун буржуазия жамиятининг ҳаёт-мамотига тобора даҳшатлироқ хавф солаётган савдо-сотиқ кризисларини кўрсатиб ўтиш кифоя қилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинггина эмас, балки вужудга келтирилган ишлаб чиқарувчи кучларнинг ҳам кўп қисми ҳар сафар савдо-сотиқ кризислари вақтида йўқотиб ташланмоқда. Кризислар вақтида ортиқча мол ишлаб чиқариш каби умумий бир ижтимоий офат пайдо бўлмоқдаки, бундай офат бундан аввалги даврларда бўлмағур бир нарса бўлиб кўринган бўлар эди. Жамият бирданига орқага кетиб, тўсатдан босиб келган варварлик ҳолатига тушиб қолгандай бўлади, гўё очарчилик ва ҳамма ёқни қуритадиган уруш натижасида жамият тирикчилик воситаларининг ҳаммасидан маҳрум бўлгандай бўлиб қолади; саноат ва савдо йўқ қилиниб ташлангандай бўлиб кўринади, нима учун? Шунинг учунки, жамият ҳаддан ташқари катта цивилизацияга эга бўлиб, унинг тирикчилик воситалари ҳаддан ташқари кўпайган, ундаги саноат ва савдо-сотиқ ҳам ниҳоят даражада ривож топган бўлади. Бу жамият ихтиёридаги ишлаб чиқарувчи кучлар энди буржуа мулкий муносабатларининг ривожланишига хизмат қилмайдиган бўлиб қолади; аксинча, улар бу муносабатлар доирасига сиғмай қолади, буржуа муносабатлари бу ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланишига тўсиқ бўлиб қолади; шунинг учун ишлаб чиқарувчи кучлар бу тўсқинликларни енга бошлагач, бутун буржуа жамиятини издан чиқариб юборади, буржуа мулкчилигининг яшашини хавф остида қолдиради. Буржуа муносабатлари ўзи яратган бойликларни сиғдиришга жуда торлик қилиб қолди. Буржуазия бу кризислардан қандай йўллар билан қутулади? Бир томондан, ишлаб чиқарувчи кучларнинг жуда ҳам кўп қисмини мажбуран йўқ қилиш иўли билан, иккинчи томондан, янги бозорлар забт этиш ва эски бозорлардан янада кўпроқ фойдаланиш йўли билан қутулади. Бас, натижада нима бўлади? Шу бўладики, у янада кенгроқ, янада ҳалокатлироқ кризислар тайёрлайди ва уларнинг олдини олиб қоладиган воситаларни камайтиради.
Буржуазиянинг феодализмни ағдариш учун ишлатган қуроли энди буржуазиянинг ўзига қарши қаратилади.
Аммо буржуазия ўзига ажал келтирадиган қурол ясабгина қолмади; у бу қуролни буржуазиянинг ўзига қарши қаратадиган кишиларни ҳам, яъни ҳозирги ишчиларни, пролетарларни ҳам юзага келтирди.
Буржуазия, яъни капитал қанчалик ривожланса пролетариат, ҳозирги ишчилар синфи ҳам шунчалик ривожланади, ишчилар ўзларига иш топган вақтларидагина яшай оладилар, ишни эса уларнинг меҳнатлари капитални кўпайтириб турган тақдирдагина топа оладилар. Ўзларини якка-якка сотишга мажбур бўлган бу ишчилар ҳам, бошқа савдо-сотиқ буюмлари сингари, товардирлар, шунинг учун конкуренция тасодифлари ва бозордаги ўзгаришларнинг ҳаммаси уларга ҳам бирдек таъсир қилади.
Машиналар ишлатиш ва меҳнат тақсимотининг борган сари ўсуви натижасида пролетарларнинг меҳнати ўзининг мустақиллигини батамом йўқотди ва шу билан бирга ишчиларда меҳнатга қизиқиш ҳам қолмади. Ишчи машинанинг шунчаки бир қўшимчаси бўлиб қолмоқда, ундан энг оддий, нуқул бир хил ва тезда ўрганиб олинадиган ишларнигина бажариш талаб қилинаётир. Шу сабабдан ишчига сарф қилинадиган чиқим ишчини боқиш ва унинг наслини давом эттириш учун зарур бўлган тирикчилик воситаларидангина иборат қилиб қўйилмоқда. Лекин ҳар бир товарнинг баҳоси ва, демак, меҳнатнинг ҳам баҳоси шу товарни ишлаб чиқариш учун сарф қилинган чиқимга тенгдир. Шу сабабдан, меҳнатнинг ишчини қизиқтирмаслиги қанча кучайса, иш ҳақи ҳам шунча камайиб кетади. Бунинг устига яна: машиналар ишлатиш ва меҳнат тақсимоти қанчалик кучайса, иш соатини орттириш ҳисобига, ёки маълум бир вақт ичида талаб қилинадиган меҳнат миқдорини орттириш, машиналар ҳаракатини тезлаштириш ва шунга ўхшашлар натижасида меҳнат миқдори ҳам шунча орта боради.
Ҳозирги замон саноати патриархал устанинг кичкинагина ишхонасини саноат капиталистининг катта фабрикасига айлантириб юборди. Фабрикаларда тўпланган ишчилар оммаси солдатлардек уюштирилмоқда. Саноат армиясининг оддий аскарлари бўлган ишчилар бир тўда унтер-офицер ва офицерлар назорати остига олинмоқда. Улар буржуазия синфининг, буржуа давлатининг қуллари бўлиш устига, яна уларни ҳар кун, ҳар соат машина, назоратчи ва даставвал айрим буржуа-фабрикантнинг ўзи эзмоқда. Бу истибдоднинг мақсади фойдага ҳирс қўйиш эканлиги қанчалик ошкора айтила борса, у шунчалик бачкана, шунчалик манфур бўлади ва шунчалик ашаддийлашиб боради.
Қўл меҳнати маҳорат ва кучни қанчалик оз талаб қилса, яъни ҳозирги замон саноати қанчалик кўп тараққий қилса, эркаклар меҳнатини аёллар ва болалар меҳнати шу қадар кўп сиқиб чиқаради. Ишчилар синфига нисбатан жинс ва ёш айирмаларининг ҳеч бир ижтимоий аҳамияти қолмайди. Ишчилар, ёшига ва жинсига қараб, ҳар хил харж талаб қилинадиган бир иш асбобигина бўлиб қоладилар.
Фабрикант ишчини эксплуатация қилиб бўлиб, ниҳоят, иш ҳақи ишчининг қўлига нақд теккандан кейин унга буржуазиянинг бошқа қисмлари уй эгаси, баққол, судхўр ва бошқалар ёпишадилар.
Ўрта табақанинг пастки қатламлари майда саноатчилар, майда савдогар ва судхўрлар, ҳунармандлар ва деҳқонлар, мана шу синфларнинг ҳаммаси пролетариат қаторига туша борадилар, уларнинг бир хиллари катта саноат корхоналарини эплаш учун капиталлари озлик қилганлиги, катта капиталистлар билан рақобат қилишга чидай олмаганлиги, яна бир хиллари янги ишлаб чиқариш усуллари кашф этилиши билан ўз ҳунарининг қадрқимматини йўқотиб қўйганлиги натижасида шу ҳолга тушадилар. Ана шу тариқа пролетариат сафи аҳолининг ҳамма синфлари ҳисобидан тўла боради.
Пролетариат тараққиётнинг турли босқичларини ўтади. Пролетариатнинг буржуазияга қарши кураши пролетариат дунёга келган пайтдан бошланади.
Аввал ишчилар якка-якка бўлиб, кейин бир фабрика ишчилари, сўнгра бир жойдаги бир хил саноат тармоғида ишловчи ишчилар ўзларини бевосита эксплуатация қилиб турган айрим буржуага қарши курашадилар. Ишчилар фақат буржуа ишлаб чиқариш муносабатларига зарба бериш билан қаноатланмасдан, балки ишлаб чиқариш қуролларининг ўзига ҳам зарба берадилар; улар рақобат қилувчи чет эл товарларини йўқ қилиб ташлайдилар, машиналарни синдирадилар, фабрикаларга ўт қўядилар ва йўқотган мавқеларини, яъни ўрта аср ишчиси мавқеини зўрлик билан тиклашга уринадилар.
Бу босқичда ишчилар бутун мамлакатга ёйилган ва конкуренция натижасида сочилиб кетган оммадан иборатдир. Бу вақтда ишчилар оммасининг уюшуви ўзларининг бирлашувлари оқибати бўлмай, балки сиёсий мақсадига эришув йўлида бутун пролетариатни ҳаракатга келтиришга мажбур бўлган ва ҳозирча ҳаракатга келтира оладиган буржуазиянинг бирлашувидан келиб чиққан натижадир. Бинобарин, бу босқичда пролетарлар ўз душманларига қарши курашмайдилар, балки ўз душманларининг душманларига қарши, яъни абсолют монархия қолдиқларига, ер эгаларига қарши, саноатдан четдаги буржуаларга, майда буржуаларга қарши курашадилар. Шундай қилиб, бутун тарихий ҳаракатнинг жилови буржуазия қўлида бўлади; бундай шароитда қозонилган ҳарбир ғалаба буржуазиянинг ғалабаси бўлади.
Лекин саноатнинг ривожланиши билан пролетариат фақат сон жиҳатидан ўсибгина қолмайди; у йирик-йирик омма бўлиб уюшади, унинг кучи ўса боради ва кучи ўсганлигини ўзи тобора кўпроқ сеза боради. Машиналар меҳнатнинг айрим турлари ўртасидаги фарқни тобора йўқота борган ва деярли ҳамма ерда иш ҳақини бир хилда паст даражага тушира борган сари пролетариатнинг манфаати ва турмуш шароити бир текис ҳолга кела бошлайди. Буржуалар ўртасидаги конкуренциянинг ўса бориши ва бу конкуренциядан келиб чиқадиган савдо кризислари натижасида ишчиларнинг иш ҳақи борган сари беқарор бўлиб боради; машиналарнинг тобора тез ва бетўхтов такомиллашиб бориши пролетарларнинг турмушини кун сайин оғирлаштиради; айрим ишчи билан айрим буржуа ўртасидаги тўқнашувлар борган сари икки синф ўртасидаги тўқнашув тусини олади. Ишчилар курашни буржуазияга қарши «коалициялар» тузишдан бошлайдилар; улар ўз иш ҳақларини ҳимоя қилиш учун биргалашиб ҳаракат қиладилар. Улар тўқинишлар юз берган тақдирда ўзларини маблағ билан таъминлаш учун ҳатто доимий ассоциациялар тузадилар. Айрим жойларда бу кураш очиқ қўзғолонга айланиб кетади.
Бу курашларда ишчилар гоҳ-гоҳ ғалаба қилсалар ҳам, лекин бу ғалабалар ўткинчи ғалабалар бўлади. Ишчилар курашининг ҳақиқий натижаси улар эришган бевосита муваффақиятлар эмас, балки ишчиларнинг тобора кенгая борган бирлашувларидир. Йирик саноат тарафидан вужудга келтирилаётган, турли жойлардаги ишчилар орасида ўзаро муносабат ўрнатаётган ва тобора ўсиб бораётган алоқа воситалари ишчиларнинг бирлашишига имкон беради. Ишчиларнинг ҳамма ерда ҳам бир хил тусда бўлган кураш ўчоқларини бирлаштириш ва умумий бир миллий синфий курашга айлантириш учун худди ана шу алоқа талаб қилинади. Ҳар қандай синфий кураш эса сиёсий курашдир. Карвон йўлларинигина билган ўрта аср шаҳар халқларига бу каби бирлашув учун юз йиллар талаб қилинган бўлса, ҳозирги пролетарлар, темир йўллар туфайли, озгина йиллар ичида бунга муяссар бўлмоқдалар.
Пролетарларнинг бу тариқа синф бўлиб ва шу билан бирга сиёсий партия бўлиб уюшувлари ишчиларнинг ўзаро конкуренциялари натижасида минут сайин бузилиб туради. Аммо бу уюшма ҳар дафъа янгидан ва ҳар дафъа илгаригисидан кўра кучлироқ, мустаҳкамроқ, қудратлироқ бўлиб юзага чиқади. У буржуазиянинг турли табақалари ўртасидаги ўзаро низолардан фойдаланиб, буржуазияни ишчиларнинг айрим манфаатларини қонун йўли билан эътироф қилишга мажбур этади. Англияда ўн соатлик иш куни тўғрисидаги қонун шунга мисолдир.
Умуман эски жамият ичидаги тўқнашувлар пролетариатнинг ўсиш процессига кўп жиҳатдан ёрдам қилади. Буржуазия тўхтовсиз кураш олиб боради; дастлаб аристократияга қарши, ундан кейин буржуазиянинг ўз ичидаги баъзи қисмларга қарши, яъни манфаатлари саноатнинг тараққиётига зид бўлган табақаларга қарши курашади ва барча чет мамлакатларнинг буржуазиясига қарши доим кураш олиб боради. Буржуазия шу курашларнинг ҳаммасида пролетариатга мурожаат қилишга, ундан ёрдам сўрашга ва, шундай қилиб, уни сиёсий ҳаракатга тортишга мажбур бўлади. Шундай қилиб, унинг ўзи ўз билимининг элементларини, яъни ўзига қарши қуролни пролетариат қўлига беради.
Сўнгра, юқорида кўрганимиздай, саноат тараққийси ҳукмрон синфларнинг бутун-бутун табақаларини пролетариат қаторига туширади, ёхуд, ҳеч бўлмаганда, уларнинг турмуш шароитини таҳликага солиб қўяди. Улар ҳам пролетариатга кўпгина билим элементларини келтирадилар.
Ниҳоят, синфий кураш бир ёқли бўлишга яқинлашиб келаётган вақтларда ҳукмрон синф ичида, бутун эски жамият ичида бузилиш процесси шу даража кучли, жуда кескин бир тус оладики, ҳукмрон синфнинг озгина қисми ўз синфидан юз ўгириб, революцион синфга, истиқболи порлоқ синфга қўшилиб кетади. Мана шунинг учун, илгарилари дворянларнинг бир қисми буржуазия томонига ўтиб кетгани сингари ҳозир буржуазиянинг бир қисми, яъни буржуа-идеологларнинг бутун тарихий ҳаракат жараёнини назарий жиҳатдан англаш даражасига етган қисми пролетариат томонига ўтади.
Ҳозирги вақтда буржуазияга қарши турган барча синфлар орасида фақат пролетариатгина ҳақиқатан революцион синфдир. Йирик саноат ривожланиши билан бошқа синфларнинг ҳаммаси тушкунликка юз тутади ва йўқ бўлиб кетади, пролетариат эса йирик саноатнинг ўз маҳсулидир.
Ўрта табақалар: майда саноатчилар, майда савдогарлар, ҳунармандлар ва деҳқонлар буларнинг ҳаммаси ўрта табақа сифатида ўз ҳаётини ҳалокатдан сақлаб қолиш учун буржуазияга қарши курашади. Демак, улар революцион табақа эмас, консерватив табақадир. Ҳатто улар реакцион табақадирлар, чунки улар тарихнинг ғилдирагини орқага бурмоқчи бўладилар. Агар улар революцион бўлсалар, келажакда пролетариат қаторига ўтишлари, ўзларининг ҳозирги манфаатларини эмас, балки келажакдаги манфаатларини ҳимоя қилишлари, ўз нуқтаи назарларидан воз кечиб, пролетариат нуқтаи назарини қабул қилишлари учунгина революциондирлар.
Люмпен-пролетариат эски жамиятдаги энг тубан табақаларнинг бузилиб кетишидан келиб чиққан бу пассив маҳсул баъзан пролетариатнинг революцион ҳаракатига тортилиб турса ҳамки, лекин ўзининг бутун турмуш аҳволига кўра реакцион фитналарга сотилишга анча кўпроқ мойилдир.
Пролетариатнинг турмуш шароитида эски жамиятнинг турмуш шароитидан ҳеч бир асар қолмади. Пролетарнинг хусусий мулки йўқ; унинг ўз хотинига ва болаларига муносабати буржуа оилавий муносабатларига сира ҳам ўхшамайди; ҳозирги саноат меҳнати, капиталнинг Англияда ҳам, Францияда ҳам, Америкада ҳам, Германияда ҳам бир хилда бўлган ҳозирги зулми пролетарнинг ҳар қандай миллий характерини йўқ қилиб юборди. Қонун, ахлоқ, дин буларнинг ҳаммаси пролетар наздида буржуа манфаатларини яшириб турувчи буржуа хурофотидан бошқа нарса эмасдир.
Илгари ўтган ҳамма синфлар ҳокимиятни ўз қўлларига олгач, бутун жамиятни ўзларининг ўзлаштириш усулларини таъмин этадиган шароитга бўйсундириб, турмушда эришган мавқеларини мустаҳкамлашга уриниб келдилар. Пролетарлар эса ўзининг ҳозирги ўзлаштириш усулини ва, шу билан бирга, умуман шу кунгача давом қилиб келган ўзлаштириш усулларининг ҳаммасини йўқ қилгандагина ижтимоий ишлаб чиқарувчи кучларга эга бўла оладилар. Пролетарларнинг қўриқлайдиган ҳеч нарсаси йўқ, улар ҳозиргача хусусий мулкни нимаики қўриқлаб ва ҳимоя қилиб келган бўлса, шунинг ҳаммасини яксон қилишлари керак.
Ҳозиргача содир бўлиб келган ҳаракатларнинг ҳаммаси озчиликнинг ҳаракатлари эди, ёхуд озчиликнинг манфаатини кўзлаган ҳаракатлар эди. Пролетариатнинг ҳаракати эса жуда кенг кўпчиликнинг манфаатини кўзловчи жуда кенг кўпчиликнинг мустақил ҳаракатидир. Ҳозирги жамиятнинг энг қуйи табақаси бўлган пролетариат ўз устида расмий жамиятни ташкил этувчи табақалардан қурилган устқурманинг кулини кўкка совуриб юбормагунча ўзини кўтариб, қаддини ростлаб ололмайди.
Пролетариатнинг буржуазияга қарши кураши дастлаб мазмунан миллий бўлмаганда ҳам, шаклан миллий курашдир. Ҳар бир мамлакатнинг пролетариати, албатта, ҳаммадан бурун ўз буржуазиясини йўқ қилмоғи лозим.
Биз пролетариатнинг тараққиётидаги энг умумин фазаларни баён қилиб, ҳозирги жамият ичида озми-кўпми яширин равишда гражданлар уруши давом қилишини, бу уруш очиқдан-очиқ революцияга айланиб кетишигача ва пролетариат буржуазияни зўрлик билан ағдариб ташлаб ўз ҳукмронлигини ўрнатишга етишигача текшириб ўтдик.
Ҳозиргача яшаб келган ҳамма жамиятлар, юқорида кўрганимиздек, эзувчи синфлар билан эзилувчи синфлар ўртасидаги антагонизмга асосланиб келди. Аммо бирор синфни эзмоқ учун бу синф, лоақал, қулларча кун кечира оладиган шароитда бўлмоғи керак. Феодал абсолютизми жабр-зулми остидаги майда буржуа буржуалик даражасига етгани сингари, крепостной ҳам крепостнойлик ҳолидан коммуна аъзолиги даражасигача кўтарилишга муваффақ бўлган эди. Ҳозирги замон ишчиси эса, аксинча, саноат тараққий қилган сари юқорига кўтарилмасдан, балки ўз синфининг яшаш шароитидан ҳам қуйига тушиб кетаётир. Ишчи паупер бўлиб бормоқда, пауперизм эса аҳолидан ҳам, бойликдан ҳам тезроқ ўсиб бормоқда. Бу ҳол буржуазия жамиятда ҳукмрон синф бўлиб узоқ вақт қолишга ҳамда ўз синфининг турмуш шароитини жамиятни тартибга солиб турувчи бир қонун деб бутун жамиятга зўрлик билан жорий қилишга қодир эмаслигини борган сари аниқ кўрсатмоқда. Буржуазия шунинг учун ҳукмронлик қилишга қодир эмаски, у ўзининг қулини ҳатто қулларча ҳаёт кечириш учун лозим бўлган шароит билан ҳам таъмин қила олмайди, чунки у ўзининг қулини шу даражагача олиб боришга мажбурки, ўзи унинг ҳисобига яшаши ўрнига уни боқмоғи керак бўлиб қолади. Жамият бундан буён буржуазия ҳукмронлиги остида яшай олмайди, яъни буржуазиянинг ҳаёти бундан буён жамият ҳаёти билан сиғиша олмайди.
Буржуазия синфининг яшаши ва ҳукмронлик қилиши учун асосий шарт бойликнинг хусусий кишилар қўлида тўпланиши, капитал ҳосил бўлиши ва унинг кўпайишидир. Ёлланма меҳнат капиталнинг яшаш шароитидир. Ёлланма меҳнат ишчиларнинг ўзаро конкуренциялари туфайлигина сақланиб туради. Буржуазия саноатни чор-ночор тараққий қилдиришга мажбур бўлиб, унинг тараққиётига тўсқинлик қилишга ожизлик қилади, саноат тараққиёти эса ишчиларнинг конкуренция туфайли бўлиниб кетишига хотима бериб, уларнинг ассоциациялар тузиш воситаси билан революцион суратда бирлашишларига сабаб бўлади. Шундай қилиб, йирик саноат ривожланиши билан, буржуазиянинг маҳсулот ишлаб чиқариши ва ўзлаштириши учун хизмат қиладиган заминнинг ўзи буржуазиянинг қўлидан кетади. Буржуазия ҳаммадан аввал ўзига гўрков ҳозирлайди. Буржуазиянинг ҳалок бўлиши муқаррар бўлганидай, пролетариатнинг ғалаба қилиши ҳам муқаррардир.
Коммунистларнинг умуман пролетарларга муносабати қандай?
Коммунистлар бошқа ишчи партияларига зид бўлган алоҳида партия эмас.
Уларнинг умуман бутун пролетариат манфаатларидан бошқа ҳеч қандай алоҳида манфаатлари йўқ.
Улар ҳеч қандай алоҳида принципларни қўймайдилар ва пролетар ҳаракатини шу принциплар қолипига солишни истамайдилар.
Коммунистларнинг бошқа пролетар партияларидан фарқи фақат шуки, улар, бир томондан, турли миллат пролетарларининг курашларида бутун пролетариатнинг миллий манфаатлар билан боғлиқ бўлмаган умумий манфаатларига аҳамият берадилар ва шуни ҳимоя қиладилар; иккинчи томондан, коммунистлар пролетариатнинг буржуазияга қарши кураши босиб ўтадиган турли тараққиёт босқичларида ҳар вақт бутун ҳаракатнинг умумий манфаатларини ҳимоя қиладилар.
Демак, коммунистлар амалда барча мамлакатлардаги ишчи партияларнинг энг журъатли ва ҳар доим илгарига қараб ҳаракат қилишга рағбатлантирувчи қисмидирлар; назарий жиҳатдан эса улар пролетар ҳаракатининг шарт-шароитларини, боришини ва умумий натижаларини тушунишда бошқа пролетариат оммасидан юқори турадилар.
Коммунистларнинг энг яқин мақсадлари бошқа пролетар партиялари кўзлаган мақсадларнинг худди ўзгинасидир: пролетариатни бир синф қилиб уюштириш, буржуазия ҳукмронлигини ағдариш, сиёсий ҳокимиятни пролетариат қўлига олиб беришдир.
Коммунистларнинг назарий қоидалари дунёни янгиламоқчи бўлган бирон киши ўйлаб чиқарган ёхуд кашф қилган идеяларга, принципларга ҳеч асосланмайди.
Улар мавжуд синфий курашнинг ҳақиқий муносабатларининг умумий ифодасидир, кўз ўнгимизда бўлиб турган тарихий ҳаракатнинг ифодасидир, холос. Илгари мавжуд бўлган мулкий муносабатларни йўқ қилиш ёлғиз коммунизмгагина хос бир нарса эмас.
Мулкий муносабатларнинг ҳаммаси тарихда бирининг ўрнини иккинчиси олиб, доимо ўзгариб келган.
Масалан, француз революцияси феодал мулкини бекор қилиб, уни буржуа мулки билан алмаштирди.
Коммунизмнинг ўзига хос хусусияти умуман мулкни йўқотиш эмас, балки буржуа мулкини йўқотишдир.
Аммо ҳозирги замон буржуа хусусий мулки синфий антагонизмга, бировларнинг бошқалар томонидан эксплуатация қилинишига асосланган маҳсулот ишлаб чиқариш ва ўзлаштиришнинг сўнгги ва энг тўлиқ ифодасидир.
Бу маънода айтганда, коммунистлар ўз назариясини: хусусий мулкни йўқотиш, деган биргина қоида билан баён қилишлари мумкин.
Биз коммунистларга: сизлар ҳар бир киши ўзи, ўз меҳнати билан топган мулкни, шахсий эркинлик, фаолият ва мустақилликнинг асосини ташкил этган мулкни йўқ қилмоқчи бўласизлар, деб таъна қиладилар.
Ишлаб топилган, ҳалол йўл билан топилган, ўз меҳнати билан топилган мулк дейсиз! Сизлар буржуа мулкидан аввалги майда буржуа, майда деҳқонлар мулкини айтаяпсизларми? Бизга уни йўқ қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, саноат тараққиёти уни йўқ қилган ва кундан-кунга йўқ қилиб бормоқда.
Ёинки сизлар, эҳтимол, ҳозирги буржуа хусусий мулки тўғрисида гапираётгандирсизлар.
Ахир, ёлланма меҳнат, пролетар меҳнати унга мулк яратиб бера оладими? Асло йўқ. У капитални яратади, яъни ёлланма меҳнатни эксплуатация қиладиган мулкни яратади. Бу мулк яна эксплуатация қилмоқ учун янги ёлланма меҳнатни туғдирган тақдирдагина кўпая олади. Мулк ҳозирги шаклида капитал билан ёлланма меҳнат ўртасидаги қарама-қаршилик асосида ҳаракат қилади. Мана шу қарама-қаршиликнинг ҳар икки томонини кўриб чиқайлик.
Капиталист бўлиш деган гап ишлаб чиқаришда фа-қат шахсий ўрин эгаллашгина эмас, балки ижтимоий ўринни ҳам эгаллаш демакдир. Капитал коллектив маҳсулотдир ва жамиятнинг кўпчилик аъзолари биргалашиб ишлаган ва хуллас жамиятнинг ҳамма аъзолари биргалашиб ишлаган тақдирдагина ҳаракатга келтирилиши мумкин.
Демак, капитал шахсий куч бўлмай, балки ижтимоий кучдир.
Бинобарин, капитални жамиятнинг ҳамма аъзоларининг коллектив мулкига айлантириш билан шахсий мулк ижтимоий мулкка айлантирилган бўлмайди. Мулкнинг фақат ижтимоий характери ўзгаради. Мулк ўзининг синфий характерини йўқотади.
Энди ёлланма меҳнатга ўтайлик.
Ёлланма меҳнатнинг ўртача баҳоси иш ҳақининг минимум миқдоридир, яъни ишчининг ишчи сифатидаги ҳаётини сақлаш учун керак бўлган тирикчилик воситалари йиғиндисидир. Демак, ёлланма ишчи ўз фаолияти натижасида ўзлаштирадиган нарса ўз тирикчилигини давом эттиришга зўрға етади. Биз бевосита тирикчилик учун кетадиган меҳнат маҳсулотини бу хилда ўзлаштиришни, бошкалар меҳнати устидан хўжайинлик қилиш имконини берувчи ҳеч қандай ортиқча даромад қолдирмайдиган ўзлаштиришни йўқотмоқчи эмасмиз, асло. Биз, ишчини фақат капитални кўпайтириш учун яшашга, ҳоким синфнинг манфаатини қондириш учун яшашга мажбур қиладиган ўзлаштиришнинг аянчли характеринигина йўқотмоқчимиз.
Буржуа жамиятида жонли меҳнат жамғарилган меҳнатни кўпайтириш воситасидир, холос. Коммунистик жамиятда жамғарилган меҳнат ишчиларнинг турмуш процессини яхшилаш, бойитиш ва енгиллаштириш воситасидир.
Шундай қилиб, буржуа жамиятида ўтмиш ҳозирнинг устидан ҳукмронлик қилади, коммунистик жамиятда эса ҳозир ўтмишнинг устидан ҳукмронлик килади. Буржуа жамиятида капитал мустақилликка ва индивидуалликка эгадир, меҳнаткаш индивидуум мустақилликдан маҳрумдир ва унинг ўз шахсияти йўқдир.
Мана шу муносабатларни йўқотишни буржуазия шахсни ва эркинликни йўқотиш деб атайди! У тўғри айтади. Дарвоқе, гап буржуа шахсини, буржуа мустақиллигини ва буржуа эркинлигини йўқотиш устида бораётир.
Ҳозирги буржуа ишлаб чиқариш муносабатлари доирасида эркинлик деб савдо эркинлигини, олди-сотди эркинлигини тушунадилар.
Бироқ савдогарчилик битиши билан эркин савдогарчилик ҳам битади. Буржуазиянинг эркинлик тўғрисидаги ҳамма баландпарвоз гаплари сингари, эркин савдоғарчилик тўғрисидаги гаплари ҳам умуман фақат эрксиз савдогарчиликка, ўрта асрлардаги эзилган шаҳарликларга нисбатангина маъноли бўлиб, коммунистларнинг савдогарчиликни, буржуа ишлаб чиқариш муносабатларини ва буржуазиянинг ўзини йўқотишларига нисбатан маъносиздир.
Бизлар хусусий мулкни йўқотмоқчи бўлганимиздан сизларнинг фиғонингиз чиқмоқда. Ҳолбуки, сизларнинг ҳозирги жамиятингизда аҳолининг ўндан тўққиз қисми хусусий мулкдан маҳрум қилинган; хусусий мулк мавжудлигининг боиси ҳам нақ шу аҳолининг ўндан тўққиз кисмининг хусусий мулки йўқлигидир. Шундай қилиб, сизлар жамият аъзоларининг ғоят катта кўпчилигининг хусусий мулки бўлмаслигини зарур шарт қилиб қўядиган мулкни йўқ қилмоқчисиз, деб бизга таъна қилаётирсиз.
Хуллас, сизлар мулкингизни битирмоқчи бўлганимиз учун бизларга таъна қилаётирсиз. Тўғри, ҳақиқатан ҳам биз шундай қилмоқчимиз.
Меҳнатни капиталга, пулга, ер рентасига, қисқаси монополия қилиб олинадиган ижтимоий кучга айлантириш мумкин бўлмай қолган, яъни шахсий мулкни буржуа мулкига айлантириш мумкин бўлмай қолган пайтдан бошлаб шахс йўқолади, деб жар солаётирсиз.
Бинобарин, сиз шахс деб фақат буржуани, яъни буржуа мулкдорни эътироф қилмоқдасиз. Бундай шахс дарҳақиқат йўқотилмоғи лозим.
Коммунизм ижтимоий маҳсулотларни ўзлаштириш имкониятидан ҳеч кимни маҳрум қилмайди, у бундай ўзлаштириш йўли билан бировнинг меҳнатини асоратга солиш имкониятидангина маҳрум қилади.
Хусусий мулк битирилиши билан ҳар қандай фаолият ҳам йўқ бўлади, умумий ялқовлик ҳукм сура бошлайди, деган эътирозлар билдирдингиз.
Агар шундай бўлса эди, буржуазия жамияти ялқовлик натижасида аллақачон ҳалок бўлиб кетган бўлур эди, чунки бу жамиятда меҳнат қилувчилар ҳеч нарса олмайди, оладиганлар эса меҳнат қилмайди. Бу чўчишларнинг ҳаммаси: капитал бўлмаса, ёлланма меҳнат ҳам бўлмайди, деган сафсатага олиб келади.
Моддий маҳсулотларни коммунистик усулда ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга қарши қаратилган ҳамма эътирозлар ақлий меҳнат маҳсулотларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга ҳам тааллуқлидир. Буржуа синфи мулкни йўқ қилишни ишлаб чиқаришнинг ўзини йўқ қилиш деб тушунгани сингари, синфий билим-маърифатни йўқ қилишни ҳам умуман билим-маърифатни йўқ қилиш деб тушунади.
Буржуа, билим-маърифат барбод бўлади, деб кўз ёши тўкмоқда, ҳолбуки, бу билим-маърифат кўпчилик учун машинанинг қўшимтасига айланишдан иборатдир.
Буржуазия мулкини бекор қилишга ўзингизнинг озодлик, билим-маърифат, ҳуқуқ ва шу сингарилар тўғрисидаги буржуача тушунчаларингиз нуқтаи назаридан қараб баҳо бермоқчи бўлсангиз биз билан баҳслашмай қўя қолинг. Сизнинг ғояларингизнинг ўзи буржуа ишлаб чиқариш муносабатлари ва буржуа мулкий муносабатларининг маҳсулидир, худди шунингдек, сизнинг ҳуқуқингиз ҳам ўз синфингизнинг қонун шаклига киритилган иродасидирки, бу ироданинг мазмуни синфингизнинг моддий ҳаёт шароити билан белгиланади.
Сиз ўз ишлаб чиқариш муносабатларингизни ва мулкий муносабатларингизни ишлаб чиқаришнинг ривожланиш процессида ўзгариб турадиган тарихий муносабатлар деб эмас, балки табиат ва ақлнинг абадий қонунлари деб билишга мажбур этган бир ёқлама тушунчангиз билан ўзингиздан илгари ҳукмрон бўлган ва ҳалок бўлиб кетган барча синфлардан фарқ қилмайсиз. Гап антик дунё ёки феодал мулки тўғрисида борганда тушунган нарсаларингизни гап буржуа мулки хусусида борганда тушунмоқни истамайсиз.
Оилани йўқ қилиш! Коммунистларнинг бу ёмон ниятидан ҳатто энг сўл радикаллар ҳам ғазабга келмоқдалар.
Хўш, ҳозирги замон буржуа оиласи нимага асосланган? Капиталга, хусусий бойлик орттиришга асосланган. Энг мукаммал шаклдаги оила буржуазия учунгина мавжуддир; бироқ пролетарларнинг чор-ночор оиласизлиги ва ошкора фоҳишалик буржуазия оиласининг қўшимчасидир.
Буржуазия оиласи ўзининг ана шу қўшимчаси йўқолиши билан ўз-ўзидан йўқ бўлади, бинобарин, капитал йўқ бўлиши билан уларнинг ҳар иккови ҳам йўқ бўлади.
Ёки ота-оналар уз болаларини эксплуатация қилишларини йўқ қилмоқчи бўлганимиз учун бизга таъна қилаяпсизларми? Биз бу жиноятимизга иқрормиз.
Сиз, уй тарбияси ўрнига ижтимоий тарбияни жорий қилиб, кишилар ўртасидаги энг қимматли муносабатларни йўқ қилмоқчисиз, деб даъво қилаётирсиз.
Ажабо, сизнинг тарбиянгизни жамият белгиламайдими? Тарбияни ижтимоий муносабатлар белгиламайдими, сиз шу муносабатлар ичида тарбия қилмайсизми? Ажабо, бу тарбия мактаб ва бошқалар орқали жамиятнинг тарбияга бевосита ёки бавосита аралашуви билан белгиланмайдими? Коммунистлар жамиятнинг тарбияга таъсирини ўйлаб чиқараётганлари йўқ; улар фақат тарбиянинг характерини ўзгартадилар, тарбияни ҳоким синф таъсиридан қутқазадилар.
Йирик саноатнинг ривожланиши натижасида пролетариат ўртасидаги ҳамма оилавий муносабатлар бузила борган сари, болалар оддий савдо-сотиқ буюмларига ва иш асбобларига айлантирила борган сари буржуазиянинг оила ва тарбия тўғрисидаги, ота-оналар билан болаларнинг меҳр-муҳаббатлари тўғрисидаги сафсаталари кишини янада кўпроқ жиркантиради.
Сиз коммунистлар, хотинларни умумий қилмоқчисизку, деб бутун буржуазия баб-бараварига жар солаётир.
Буржуа ўз хотинини оддий ишлаб чиқариш қуроли деб билади. У, ишлаб чиқариш қуролларидан биргалашиб фойдаланилади, деган гапни эшитгач, хотинлар бошига ҳам албатта шу кун келади, деб васвасага тушади.
Бунда хотинларнинг оддий ишлаб чиқариш қуроли бўлишини йўқотиш тўғрисида гап бораётганини буржуазия ҳатто фаҳмламайди.
Аслида бизнинг буржуанинг, коммунистлар расмий равишда хотинларни умумлаштирмоқчилар, деб ахлоқли кишилардай ваҳимага тушишидан кўра кулгилироқ нарса йўқдир. Коммунистларга хотинларни умумлаштиришнинг ҳожати йўқ, бу деярли ҳамиша бўлиб келган.
Бизнинг буржуалар, расмий фоҳишаликдан ташқари, Ўз ишчиларининг хотин ва қизлари ўз ихтиёрларида бўлишига қаноатланмасдан, бир-бировларининг хотинларини йўлдан оздиришнинг алоҳида бир лаззати бор деб биладилар.
Буржуазия никоҳининг ўзи ҳақиқатда хотинларни умумлаштиришдан иборатдир. Коммунистларни хотинларнинг риёкорона-яширин умумий бўлиши ўрнига гўё очиқ ва расмий умумий бўлишини жорий қилмоқчилар, деб айбласалар эҳтимол мумкин бўлар эди. Бироқ ҳозирги ишлаб чиқариш муносабатлари йўқ қилиниши билан улардан келиб чиқадиган хотинлар умумийлигининг ҳам, яъни расмий ва ғайри расмий фоҳишаликнинг ҳам йўқ бўлиб кетиши ўз-ўзидан маълум-ку, ахир.
Коммунистларни яна, гўё улар ватан ва миллатни йўқотмоқчи бўладилар, деб ҳам айблайдилар.
Ишчиларнинг ватани йўқ. Уларда йўқ нарсани улардан тортиб олиб бўлмайди. Лекин пролетариат аввал сиёсий ҳокимиятни қўлга киритмоғи, миллий синф даражасига кўтарилмоғи, миллат бўлиб ташкил топмоғи керак экан, ҳали ҳозирча у, гарчи буржуазия тушунган маънода бўлмаса ҳам, миллийдир.
Буржуазиянинг тараққий қилиши, савдо эркинлиги ва жаҳон бозори туфайли ҳамда саноат ишлаб чиқариши билан унга мувофиқлашган турмуш шароитининг бир хиллиги натижасида халқларнинг миллий алоҳидалиги ва улар ўртасидаги қарама-қаршилик борган сари тезроқ. йўқола боради.
Пролетариатнинг ҳукмронлиги уларнинг йўқ бўлишини яна ҳам тезлаштиради. Ҳеч бўлмаганда цивилизацияли мамлакатларнинг бирлашиб ҳаракат қилишлари пролетариатнинг озод бўлиши учун дастлабки шартлардан биридир.
Бир шахсни иккинчи бир шахс эксплуатация қилиши йўқола борган сари бир миллатни иккинчи бир миллат эксплуатация қилиши ҳам йўқола боради.
Миллатлар ичидаги синфлар антагонизми йўқолиши билан миллатлар ўртасидаги душманлик муносабатлари ҳам тугайди.
Дин, философия ва умуман идеология нуқтаи назаридан коммунизмга тақилаётган айблар муфассал равишда текширишга арзимайди.
Инсонларнинг турмуш шароити, ижтимоий муносабатлари, ижтимоий турмушлари ўзгариши билан уларнинг тасаввурлари, қарашлари ва тушунчалари, қисқаси, уларнинг онглари ўзгаришини тушуниш учун алоҳида донишмандлик керакми?
Идеялар тарихи маънавий ишлаб чиқаришнинг моддий ишлаб чиқариш билан бирга ўзгариб туришидан бошқа нимани исбот этади? Ҳамиша ҳар бир замонда ҳукмрон синфнинг идеяларигина ҳукмрон идеялар бўлиб келган.
Бутун жамиятни революционлаштирувчи идеялар туғрисида гапирадилар; бу билан аслида эски жамият ичида янги жамият элементлари пайдо бўлганлигини, эски турмуш шароити чириши билан эски идеялар ҳам чириб бораётганлигинигина ифода қиладилар.
Қадимги дунё ҳалокатга юз тутган чоғида эски динларни христиан дини енгган эди. ⅩⅧ асрда христианлик идеялари маърифатпарварлик идеялари зарбасига учраб ҳалок бўлаётган чоқда, феодализм жамияти ўша вақтларда революцион бўлган буржуазияга қарши ҳаётмамот кураши олиб борган эди. Виждон ва дин эркинлиги идеялари билим соҳасида фақат эркин конкуренция ҳукмронлигини ифода қилди.
Улар бизга: «Лекин диний, ахлоқий, философик, сиёсий, ҳуқуқий идеялар ва ҳоказолар, албатта, тарихий тараққиёт жараёнида ўзгариб келган. Бироқ дин, ахлоқ, философия, сиёсат ва ҳуқуқ эса шу доимий ўзгаришлар ичида ҳамма вақт сақланиб қолган-ку.
Булардан ташқари, ижтимоий тараққиётнинг ҳамма босқичлари учун умумий бўлган эркинлик, адолат ва шулар каби абадий ҳақиқатлар ҳам бор-ку. Коммунизм эса шу абадий ҳақиқатларни йўқ қилади, у дин ва ахлоқни янгилаш ўрнига, уларни бекор қилади; демак у бундан илгари ўтган бутун тарихий тараққиёт жараёнига зиддир» демоқдалар.
Бундай айблашдан муддао нима? Бу кунгача мавжуд бўлган ҳамма жамиятлар тарихи турли даврда турли шаклда бўлган синфий қарама-қаршиликлар ичида давом этиб келди.
Аммо бу қарама-қаршиликлар қандай шаклга кирган бўлмасин, жамиятнинг бир қисми иккинчи қисмини эксплуатация қилиши ўтган асрларнинг ҳаммасида ҳам мавжуд бўлган ҳақиқатдир. Шунинг учун барча замонларнинг ижтимоий онги, бутун турли-туманлиги ва айирмаларига қарамай, муайян умумий шаклларда давом этиб келаётганлиги таажжубланарли бир нарса эмас. Онгнинг бу шакллари эса синфлар ўртасидаги қарамақаршилик бутунлай йўқ бўлиб кетгандагина батамом йўқолади.
Коммунистик революция ўтмишдан мерос бўлиб қолган мулкий муносабатлар билан алоқани узил-кесил узиш демакдир; коммунистик революциянинг ўз тараққиёти давомида эскидан мерос бўлиб қолган идеялар билан алоқани узил-кесил узиши ажабланарли бир нарса эмас.
Энди буржуазиянинг коммунизмга қарши эътирозларини қўйиб турайлик.
Биз юқорида кўрдикки, ишчилар революциясининг биринчи қадами пролетариатни ҳукмрон синфга айлантириш, демократияни қўлга киритишдир.
Пролетариат ўз сиёсий ҳукмронлигидан буржуазия қўлидаги ҳамма капитални бирин-кетин тортиб олиш учун, барча ишлаб чиқариш қуролларини давлат қўлида, яъни ҳукмрон синф бўлиб уюшган пролетариат қўлида марказлаштириш учун ва ишлаб чиқарувчи кучлар миқдорини мумкин қадар тезроқ орттириш учун фойдаланади.
Буни, албатта, бошда мулк ҳуқуқига ва буржуа ишлаб чиқариш муносабатларига зўрлик қилиб аралашиш йўли билан, яъни иқтисодий жиҳатдан етарли эмасдай ва кучсиздай бўлиб кўринса ҳам, лекин ҳаракат давомида кенгайиб ўзи ўзидан ўсиб кетадиган ва бутун ишлаб чиқариш усулини ўзгартмоқ учун зарур қурол бўладиган тадбирлар воситаси билангина амалга ошириш мумкин.
Бу тадбирлар, албатта, турли мамлакатларда турлича бўлади.
Бироқ энг илғор мамлакатларнинг деярли ҳаммасида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мумкин:
1. Хусусий мулк бўлган ерларни экспроприация қилиш ва ер рентасини давлат харажатларини қоплаш учун ишлатиш.
2. Юқори прогрессив солиқ солиш.
3. Мерос ҳуқуқини бекор қилиш.
4. Барча эмигрант ва исёнчиларнинг мол-мулкларини мусодара қилиш.
5. Давлат капиталига ва танҳо монополияга эга бўлган миллий банк орқали кредит ишларини давлат қўлида марказлаштириш.
6. Бутун транспортни давлат қўлида марказлаштириш.
7. Давлат фабрикаларининг, ишлаб чиқариш қуролларининг сонини кўпайтириш, янги экин майдонлари очишни ва ерни яхшилашни умумий план асосида олиб бориш.
8. Меҳнатни ҳамма учун баб-баравар мажбурий қилиб қўйиш, саноат армиялари, айниқса деҳқончилик учун саноат армиялари тузиш.
9. Деҳқончиликни саноат билан боғлаб бориш, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тафовутларнинг аста-секин йўқ бўлишига ёрдам бериш.
10. Ҳамма болаларни ижтимоий усулда ва текин тарбиялаш. Фабрикаларда болалар меҳнатининг ҳозирги формаларига барҳам бериш. Тарбия ишларини моддий ишлаб чиқариш билан боғлаб олиб бориш ва ҳоказолар.
Тараққиёт жараёнида синфий тафовутлар йўқотилган ва бутун ишлаб чиқариш индивидлар ассоциацияси қўлида тўплангандан кейин халқ ҳокимияти ўзининг сиёсий характерини йўқотади. Сиёсий ҳокимият деган сўзнинг асл маъноси бир синфнинг бошқа бир синфни эзиш учун ташкилий равишда қиладиган зўрлигидир. Агарда пролетариат буржуазияга қарши курашда албатта синф бўлиб уюшса, агарда пролетариат революцион йўл билан ўзини ҳукмрон синфга айлантирса ва ҳукмрон синф сифатида эски ишлаб чиқариш муносабатларини зўрлик билан йўқ қилса, у ҳолда пролетариат шу ишлаб чиқариш муносабатлари билан биргаликда синфий қарама-қаршиликни келтириб чиқарувчи шароитни ҳам, умуман синфларни ҳам ва шу билан синф сифатида ўз ҳукмронлигини ҳам йўқ қилади.
Эски буржуа жамияти, унинг синфлари ва синфий қарама-қаршиликлари ўрнини шундай бир ассоциация оладики, унда ҳар кимнинг эркин камол топиши ҳамманинг эркин камол топиши учун шарт бўлади.
a) Феодал социализм
Француз ва инглиз аристократияси, ўзининг тарихий мавқеига кўра, ҳозирги замон буржуа жамиятига қарши памфлетлар ёзиб туриши керак эди. 1830 йил июль ойида Франциядаги революция вақтида ва Англиядаги парламент реформаси фойдасига бўлган ҳаракат вақтида мансабталаб манфур кишилар аристократияга яна бир карра қаттиқ зарба бердилар. Жиддий сиёсий кураш тўғрисида энди сўз ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Аристократия учун энди адабиёт воситаси билан курашишгина қолган эди. Аммо адабиёт соҳасида ҳам энди Реставрация замонидаги эски ибораларни ишлатиш мумкин бўлмай қолган эди. Аристократия одамларни ўзига хайрихоҳ қилмоқ учун энди ўзини ўз манфаатлари тўғрисида қайғурмаётгандай ва эксплуатация қилинувчи ишчилар синфининг манфаатларинигина кўзлаб буржуазияга қарши айбнома ёзаётгандай қилиб кўрсатишга мажбур бўлган эди. Аристократия ўзининг янги хўжайинига ҳақоратномалар ёзиб ва унинг қулоғига ҳар хил ваҳимали гапларни шивирлаб, ўзини хурсанд қила бошлади.
Қисман мотам қўшиғи, қисман ҳақоратдан, қисман ўтмиш садоси, қисман келажак ваҳимасидан иборат бўлган, ўзининг аччиқ, ўткир ва заҳарли ҳукми билан баъзан буржуазиянинг қалбини тилиб турган, аммо ҳозирги тарихнинг жараёнини англашдан бутунлай ожиз қолганлиги билан кулгили таассурот қолдирадиган феодал социализм ана шу тариқа пайдо бўлди.
Аристократия халқни ўзига эргаштирмоқ учун пролетариатнинг гадой тўрвасини байроқ қилиб кўтариб юрди. Аммо халқ бўлса, ҳар гал аристократияга эргашар экан, унинг орқасидаги эски феодал тамғаларни кўриб эҳтиромсизлик билан қаҳқаҳа уриб тарқалиб кетар эди.
Бу масхарабозлик билан француз легитимистларининг бир қисми ва «Ёш Англия» шуғулланган эди.
Феодаллар ўз эксплуатация усуллари буржуазиянинг эксплуатация усулларига қараганда бошқача деб исбот қилар эканлар, ўзлари бутунлай бошқача вазият ва шароитда эксплуатация қилганликларини, бу вазият ва шароит аллақачон йўқ бўлиб кетганини эсларидан чиқарадилар. Феодаллар ўзлари ҳукмрон бўлган даврда ҳозирги пролетариат бўлмаганлигини айтганларида, ҳозирги буржуазиянинг ўзи феодал ижтимоий тузумнинг муқаррар меваси эканлигини унутадилар.
Бироқ, улар ўз танқидларининг реакцион характерини унча яширмайдилар, уларнинг буржуазияга қўйган катта айблари шуки, буржуазия ҳукмронлиги даврида бутун эски ижтимоий тузумнинг кулини кўкка совуриб юборадиган синф ривож топмоқда, дейдилар.
Улар буржуазияга умуман пролетариатни вужудга келтиргани учун эмас, балки революцион пролетариатни вужудга келтиргани учун кўпроқ таъна қиладилар.
Шунинг учун улар амалий сиёсий ишларда ишчилар синфига қарши жабр ва зўрлик тадбирларининг ҳаммасида иштирок қиладилар, оддий кундалик ҳаётда эса, ўзларининг тамтароқли гапларига хилофан, олтин олмалар теришдан ҳам қайтмайдилар ҳамда фойда деб садоқат, муҳаббат ва номусларини қўй жунига, лавлаги ва араққа алмаштира берадилар.
Поп ҳар доим феодал билан қўлма-қўл ушлашиб боргани сингари, поп социализми ҳам феодал социализм билан бирга боради.
Христиан аскетизмига социалистик тус беришдан ҳам осон нарса йўқ. Христианлик ҳам хусусий мулкка, никоҳга, давлатга қарши курашиб келган эмасми, ахир? Христианлик бунинг ўрнига хайр-саҳоват ва гадоликни, никоҳсизлик ва шаҳвоний ҳисни ўлдиришни, тарки дунё қилиш ва бутхонани тарғиб қилмасмиди, ахир? Христиан социализми аристократнинг қаҳр-ғазабини босиш учун поп томонидан сепиладиган бир оби замзамдир, холос.
b) Майда буржуа социализми
Буржуазия томонидан ағдарилган ва ҳозирги буржуа жамиятида турмуш шароити ёмонлашган ва йўқ бўлган синф ёлғиз феодал аристократияси эмас. Ўрта аср шаҳарликлари табақаси ва майда деҳқонлар табақаси ҳозирги буржуазиянинг салафлари эдилар. Саноат ва савдо жиҳатлардан камроқ тараққий қилган мамлакатларда ривожланиб бораётган буржуазия билан бир қаторда бу синф ҳали ҳам зўр-базўр ҳаёт кечирмоқда.
Ҳозирги замон цивилизацияси ривожланган мамлакатларда пролетариат билан буржуазия ўртасида иккиланиб турадиган янги майда буржуазия пайдо бўлди ва буржуа жамиятининг қўшимча қисми сифатида доим янгидан пайдо бўлиб туради. Аммо конкуренция бу синфга мансуб бўлган кишиларни доимо пролетариат қаторига тушириб туради ва улар шундай бир замон яқинлашаётганини сезиб бормоқдаларки, бу замонда, йирик саноатнинг ривожланиши натижасида, ўзлари ҳозирги жамиятнинг мустақил бир қисми сифатида йўқ бўлиб кетадилар, савдо-сотиқда, саноатда ва деҳқончиликда ўринларини назоратчилар ва ёлланма хизматчилар эгаллаб олади.
Аҳолисининг ярмидан кўпини деҳқонлар ташкил қилган Франция сингари мамлакатларда пролетариатни ёқлаб буржуазияга қарши чиқкан, буржуа тузумини танқид қилганларида унга майда буржуа ва майда деҳқон мезони билан баҳо берган ва ишчиларнинг манфаатларини майда буржуа нуқтаи назаридан ҳимоя қилган ёзувчиларнинг пайдо бўлиши табиий бир ҳол эди. Майда буржуа социализми ана шу тариқа пайдо бўлди. Сисмонди Франциядагина эмас, балки Англияда ҳам шу хилдаги адабиётнинг етакчисидир.
Бу социализм ҳозирги замон ишлаб чиқариш муносабатларидаги зиддиятларни жуда ҳам яхши пайқаб ола билди. Бу социализм экономистларнинг мунофиқона апологетикасини фош қилди. Бу социализм машинали ишлаб чиқариш ва меҳнат тақсимотининг бузувчилик таъсирини, капитал ва ер эгалиги марказлашаётганини, товарларнинг ортиқча ишлаб чиқарилишини, кризисларни, майда буржуалар билан деҳқонларнинг муқаррар равишда ҳалок бўлишини, пролетариатнинг қашшоқлигини, ишлаб чиқариш анархиясини, бойликларни тақсим қилишдаги чидаб бўлмайдиган даражадаги тенгсизликни, миллатлар ўртасида ўзаро ҳалокатли саноат урушини, эски хулқ-одатлар, эски оилавий муносабатлар ва эски миллатлар бузилиб кетишини рад қилиб бўлмайдиган даражада исбот қилиб берди.
Лекин бу социализм, ўзининг асли мазмунига кўра, ё ишлаб чиқариш ва айирбошлашнинг эски воситаларини ва шу билан бирга эски мулкий муносабатларни, эски жамиятни тикламоқчи бўлади; ёки ишлаб чиқариш ва айирбошлашнинг ҳозирги воситаларини уларнинг ўзлари бузган ва бузилиши зарур бўлган эски мулкий муносабатлар доирасига зўрма-зўраки жойламоқчи бўлади. Бу социализм ҳар иккала ҳолда ҳам, айни замонда, ҳам реакцион, ҳам утопик социализмдир.
Саноатни цех усулида ташкил қилиш ва патриархал қишлоқ хўжалиги бу социализмнинг асл муддаосидир.
Бу маслак бора-бора қўрқиб-писиб нолиб юрадиган ҳолга тушиб қолди.
с) Немис социализми ёки «ҳақиқий» социализм
Ҳукмрон буржуазиянинг зулми натижасида майдонга келган ва шу ҳукмронликка қарши курашнинг адабий ифодасидан иборат бўлган Франция социалистик ва коммунистик адабиёти буржуазия Германиядаги феодал абсолютизмга қарши курашни эндигина бошлаган вақтда Германияга кўчирилган эди.
Немис философлари, нимфилософлари ва дабдабали гапларга ўч бўлганлар бу адабиётга маҳкам ёпишиб олдилар, лекин улар Франциядан Германияга бу адабиёт кўчирилиши билан бирга Германияга Франциядаги ҳаёт шароити ҳам кўчирилмаганлигини эсларидан чиқариб қўйдилар. Германия шароитида бу француз адабиёти ўзининг бевосита амалий аҳамиятини йўқотиб, соф бир адабий оқим тусини олди. Бу адабиёт инсоний моҳиятни қандай юзага чиқариш тўғрисида беҳуда бир хаёл суришдан иборат бўлиб қолди. Чунончи, ⅩⅧ аср немис философлари назарида биринчи француз революциясининг талаблари умуман «амалий ақл» талаблари бўлиш жиҳатидан аҳамиятга эга эди; революцион француз буржуазияси иродасининг зуҳури уларнинг назарларида соф ирода, ҳақиқатда бўлиши лозим бўлган ирода, чин инсон иродаси қонунлари аҳамиятига эга эди.
Немис адибларининг ҳамма ишлари янги француз идеяларини ўзларининг эски философик виждонлари билан келиштиришдан ёки, тўғрироғи, француз идеяларини ўзларининг философик нуқтаи назарларидан ўзлаштириб олишдан иборат бўлди, холос.
Умуман чет тили таржима йўли билан қай тарзда ўзлаштириб олинса, бу янги идеялар ҳам худди шу тарзда ўзлаштириб олинди.
Маълумки, монахлар қадимги мажусийларнинг классик асарлари қўл ёзмалари устига католик авлиёларининг бемаъни саргузаштларини ёзиб қўяр эдилар. Немис адиблари французларнинг даҳрий адабиётига аксинча муносабатда бўлдилар. Улар французча асл нусха остига ўз философик сафсаталарини ёзиб қўйдилар. Масалан, французларнинг пул муносабатларини танқид қилган жойларига «инсоний моҳиятни бегоналаб қўйиш» деб, французларнинг буржуа давлатни танқид қилган жойларига: «Абстракт-Умумий ҳукмронлигини бекор қилиш» ва ҳоказолар деб ёздилар.
Французларнинг назарияларига бу хилда ўз философик сафсаталарини тиқиштиришга улар «амалиёт философияси», «ҳақиқий социализм», «немисча социализм илми», «социализмнинг философик асоси» ва ҳоказолар деган ном бердилар.
Шу тариқа француз социалистик-коммунистик адабиётининг асл маъносидан ҳеч нарса қолмади. Бу адабиёт немис қўлида бир синфнинг бошқа бир синфга қарши курашини ифода қилмай қўйгандан сўнг, немис «французларнинг бир ёқламалиги»дан юқори кўтарилдим деб ва ҳақиқий эҳтиёжлар ўрнига ҳақиқатга эҳтиёжни, пролетариат манфаатлари ўрнига инсоний моҳият манфаатларини, умуман инсоннинг, ҳеч бир синфга мансуб бўлмаган, бинобарин, ҳақиқатда мавжуд бўлмасдан, мавҳумий философик хаёллардагина мавжуд бўлган инсоннинг манфаатларини ҳимоя қилаётирман деб ишонган эди.
Ўз заиф ўргамчик машқларини шу қадар жиддий ва муҳим деб билган ва у тўғрида бутун дунёга жар солган немис социализми ўзининг бачкана маъсумлигини секин-секин йўқота борди.
Немис ва айниқса прусс буржуазиясининг феодалларга ва абсолют монархияга қарши кураши қисқаси, либерал ҳаракат борган сари жиддий тус олди.
Шундай қилиб, социалистик талабларни сиёсий ҳаракатга қарши қўймоқ учун, либерализмга, вакиллик давлатига, буржуа конкуренциясига, буржуа матбуот эркинлигига, буржуа ҳуқуқига, буржуа эркинлиги ва тенглигига одатдагича лаънатлар ёғдирмоқ учун ва, бу буржуа ҳаракатидан халқ оммасига ҳеч қандай фойда йўқ, аксинча, бу омма ўзининг бор-йўғидан ҳам ажралиб қолиши мумкин, деб омма ўртасида тарғиб қилмоқ учун «ҳақиқий» социализм кутган қулай фурсат келди. Француз танқидининг аянчли инъикоси бўлган немис социализми француз танқиди ҳозирги замон буржуа жамияти шу жамиятга яраша моддий ҳаёт шароитига ва унга мувофиқ сиёсий конституцияга эга бўлади, деб фараз қилганлигини атайин унутиб қўйган эди. Ваҳоланки, Германияда бундай шароитни қўлга киритиш учун эндигина сўз бораётган эди.
Атрофида поплари, мураббийлари, жоҳил юнкерлари ва бюрократлари бўлган немис абсолют ҳукуматларига немис социализми қаттиқ таҳдид қилиб келаётган буржуазияга қарши ишлатиш учун жуда қўл келиб қолган бир олабўжи хизматини ўтади.
Бу социализм немис ишчиларининг қўзғолонларини бостириш учун мазкур ҳукуматлар ишлатиб турган милтиқ ўқлари ва қамчининг аччиқ заҳрига чучук бир қўшимча эди.
Шундай қилиб, «ҳақиқий» социализм ҳукуматлар қўлида немис буржуазиясига қарши бир қуролга айланиш билан бирга, у бевосита реакция манфаатларини, немис мешчанларининг манфаатларини ҳам ифода қилар эди. Германияда ҳозирги тартибларнинг ҳақиқий ижтимоий асосини ⅩⅥ асрдан мерос бўлиб қолган ва ўшандан бери турли шаклларда майдонга чиқиб турган майда буржуазия ташкил қилади.
Майда буржуазияни сақлаб қолиш Германияда мавжуд тартибни сақлаб қолиш демакдир. Майда буржуазия, бир томондан, капиталнинг марказлашуви натижасида, иккинчи томондан, революцион пролетариатнинг ўсиши натижасида буржуазиянинг саноат ва сиёсат соҳасидаги ҳукмронлигидан ўзининг муқаррар ҳалокатини титраб-қақшаб кутиб туради. Уига «ҳақиқий» социализм бир ўқ билан икки қуённи ўлдирадигандек бўлиб кўринар эди. Шунинг учун ҳам «ҳақиқий» социализм юқумли касалдай тарқалди.
Немис социалистлари ўзларининг «абадий ҳақиқат» деганлари каби бир-икки таги бўш гапларини қуруқ сафсаталардан тўқилган, чиройли сўзлар билан безалган, ҳиссиётпарастлик кўз ёшлари билан суғорилган мистик парда билан ўрадиларки, бу парда шу тоифа ўртасида ўз товарлари учун харидор кўпайтирди, холос.
Немис социализмининг ўзи ҳам ўзининг вазифаси шу мешчанларнинг дабдабали бир вакили бўлишдан иборат эканлигини тобора кўпроқ англамоқда эди.
Бу социализм немис миллатини намунали миллат деб, немис мешчанини инсон намунаси деб эълон қилди. У немис мешчанининг ҳар бир пасткашлигини азизлик, юксак социалистик бир нарса деб таърифлади, бу таъриф ўша пасткашликни ўзининг тамоман аксидек бир нарсага айлантириб қўйди. У, охирига қадар қаттиқ туриб, коммунизмнинг «қўпол бузғунчилик» ишларига тўғридан-тўғри қарши чиқиб келди ва ўзини сипоҳона бетараф ва беғараз қилиб кўрсатиб, ҳар қандай синфий курашлардан юқорида тураман, деб жар солди. Гўё социалистик ва коммунистик асарлар деб аталган ва Германияда тарқатилиб юрган асарларнинг ҳаммаси, жуда оз истисно билан, шу ифлос ва йўлдан оздирувчи адабиётга оиддир.
Буржуазиянинг маълум бир қисми буржуазия жамиятини мустаҳкамламоқ учун ижтимоий иллатларни даволамоқчи бўлади.
Булар жумласига экономистлар, филантроплар, инсонпарварлик тарафдорлари, меҳнаткаш синфларнинг роҳати учун жонкуярлик қилувчилар, хайр-эҳсон ташкил қилувчилар, ҳайвонотни ҳимоя қилувчи жамият аъзолари, ҳушёрлик жамиятлари тузувчилар, ҳар хил тусдаги майда-чуйда реформаторлар кирадилар. Бу буржуа социализмидан ҳатто бутун-бутун системалар яратилди.
Мисол учун Прудоннинг «Қашшоқлик философияси»ни оламиз.
Буржуа-социалистлар ҳозирги жамиятнинг яшаш шароитини ундан муқаррар келиб чиқадиган курашсиз ва хавф-хатарларсиз сақлаб қолмоқчи бўладилар. Улар ҳозирги жамиятни уни революционлаштирувчи ва бузиб юборувчи элементларсиз сақламоқчи бўладилар. Улар пролетариатсиз буржуазиянинг ўзи бўлишини истар эдилар. Буржуазиянинг ўзи ҳукмронлик қилаётган дунё унга энг яхши дунё бўлиб кўринади, албатта. Буржуа социализми бу таскин берадиган тасаввурни озми-кўпми мукаммал бир системага солмоқда. Буржуа социализми пролетариатни ўзининг шу системасини амалга оширишга ва шу йўл билан янги Қуддусга киришга таклиф қилиш билан, аслда, пролетариатдан ҳозирги жамиятда яшай беришни, лекин фақат буржуазия жамиятига жирканч бир нарса деб қарашни ўз кўнглидан чиқариб ташлашни талаб қилади.
Бу социализмнинг, унча систематик бўлмаса-да, лекин амалийроқ бўлган бошқа бир шакли ишчилар синфини ҳар қандай революцион ҳаракатга ёмон назар билан қаратишга уринади ва ишчилар синфига у ёки бу сиёсий ўзгаришлар фойда бермайди, моддий турмуш шароити ва иқтисодий муносабатларнинг ўзгаришигина фойда бера олади, деб исбот қилмоқчи бўлади. Бироқ бу социализм моддий турмуш шароитининг ўзгариши деган сўздан буржуа ишлаб чиқариш муносабатларини йўқ қилишни тушунмайди (бундай йўқ қилиш фақат революцион йўл билан бўлади), балки буржуа ишлаб чиқариш муносабатлари заминида моддий турмуш шароитини маъмурий йўллар билан яхшилашни тушунади, демак, бундай яхшилаш капитал билан ёлланма меҳнат ўртасидаги муносабатларни ҳеч бир ўзгартмайди, жуда дуруст бўлганда буржуазиянинг ўз ҳукмронлиги йўлида қиладиган чиқимларини камайтиради ва унинг давлат хўжалигини соддароқ қилади, холос.
Буржуа социализми қуруқ нотиқона иборага айлангандагина ўзига жуда лойиқ ифода топади.
Ишчилар синфининг манфаати йўлида эркин савдо! Ишчилар синфининг манфаати йўлида имтиёзли пошлиналар! Ишчилар синфининг манфаати йўлида бир кишибир кишилик турмалар буржуа социализмининг сўнгги, биргина марта жиддий равишда айтган қатъий сўзи мана шу.
Буржуа социализми, буржуалар ишчилар синфининг манфаатлари йўлида буржуадирлар, деган даъводан иборатдир.
Биз бу ерда янги замоннинг ҳамма буюк революцияларида пролетариатнинг талабларини ифода қилган адабиёт (Бабёф асарлари ва бошқалар) тўғрисида гапира-ётганимиз йўқ.
Умумий қўзғолиш вақтида феодал жамиятни ағдариб ташлаш даврида пролетариатнинг ўз синфий манфаатларига бевосита эришмоқ йўлидаги биринчи ҳаракатлари муқаррар равишда муваффақиятсизликка учради, бунга сабаб шуки, пролетариатнинг ўзи ҳали етарли даражада етилмаган эди ҳамда унинг озод бўлиши учун зарур моддий шароит йўқ эди, чунки бундай моддий шароит фақат буржуазия давридагина майдонга келади. Пролетариатнинг бу биринчи ҳаракатлари вақтида чиққан революцион адабиёт ўз мазмуни жиҳатидан албатта реакциондир. Бу адабиёт умумий аскетизмни ва қўпол баробарчиликни тарғиб қилади.
Социалистик ва коммунистик системалар, яъни Сен- Симон, Фурье, Оуэн ва бошқаларнинг системалари пролетариат билан буржуазия ўртасидаги курашнинг ривожланиб етмаган биринчи даврида майдонга келди, буни биз юқорида баён қилиб ўтдик («Буржуа ва пролетарлар» деган бўлимга қаралсин).
Тўғри, бу системаларни кашф қилган кишилар синфлар орасидаги зиддиятларни ҳамда ҳукмрон жамият ичидаги емирувчи элементларнинг таъсирини ҳам кўрдилар. Лекин улар пролетариатда ҳеч қандай мустақил тарихий фаолият ва ўзига хос ҳеч қандай сиёсий ҳаракат йўқ деб ҳисоблайдилар.
Худди шунингдек, улар, синфий антагонизм саноат тараққиёти билан бирга ўсиб бораётганлиги сабабли, пролетариатни озод қилиш учун моддий шароит тополмадилар ва бундай шароитни вужудга келтирадиган социал фан, социал қонунлар қидирдилар.
Уларча, ижтимоий фаолият ўрнини уларнинг шахсий ижодий фаолияти, озодликка чиқишнинг тарихий шароити ўрнини хаёлий шароит, пролетариатнинг секин-аста ўсиб синф ҳолига кириб бораётган ташкилоти ўрнини уларнинг ўзлари ўйлаб топган жамият ташкилоти олмоғи лозим эди. Уларча, бутун дунёнинг бундан кейинги тарихи ўзлари тузган ижтимоий планларни тарғиб қилиш ва амалга оширишдан иборат бўлади.
Тўғри, бу планлари билан улар ҳаммадан кўра кўпроқ кулфат тортаётган синф бўлган ишчилар синфи манфаатларини ҳимоя қиламиз деб ўйлайдилар. Уларча пролетариат ана шундай ҳаммадан кўра кўпроқ кулфат тортувчи синф сифатида мавжуддир, холос.
Бироқ синфий кураш формасининг ривожланмаганлиги, шунингдек уларнинг турмушда тутган мавқелари шу нарсага олиб келадики, улар ўзларини ўша синфий антагонизмдан юқори турадиган одамлар деб ҳисоблайдилар. Улар жамиятдаги ҳамма аъзоларнинг, ҳатто энг яхши шароитда яшаётганларнинг ҳам аҳволини яхшиламоқчи бўладилар. Шунинг учун улар ҳамма вақт ҳеч кимни фарқ қилмай, бутун жамиятга ва ҳатто аксари ҳукмрон синфга мурожаат қиладилар. Бу система кашфиётчиларининг фикрича, уларнинг системасини мумкин бўлган жамиятлардан энг яхшисининг энг яхши плани деб эътироф қилмоқ учун бу системани тушуниб олишгина кифоя қилар эмиш.
Шунинг учун улар ҳар қандай сиёсий ва айниқса революцион фаолиятни рад қиладилар; улар ўз мақсадларига тинчлик йўли билан эришмоқчи бўладилар, майда ва, албатта, муваффақиятсиз тажрибалар воситаси билан, намуна кўрсатиш йўли билан янги ижтимоий инжилга йўл очмоқчи бўладилар.
Келажак жамиятнинг бундай хаёлий тасвири пролетариат ҳали жуда қолоқ бўлган, шу сабабдан ўз мавқеини ҳали хаёлий тасаввур қилаётган бир вақтда вужудга келди, у пролетариатнинг бутун жамиятни ўзгартириш истаги йўлида биринчи жўш уриб чиққан туйғуларидан пайдо бўлди.
Лекин бу социалистик ва коммунистик асарларда танқид элементлари ҳам бор. Бу асарлар мавжуд жамиятнинг ҳамма асосларига ҳужум қилади. Шу сабабдан бу асарлар ишчиларнинг онгини очиш учун ғоят қимматли материал берди. Уларнинг келажак жамият тўғрисидаги ижобий хулосалари, чунончи, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги қарама-қаршиликни йўқ қилиш, оилани, хусусий бойлик тўплашни, ёлланма меҳнатни тугатиш, ижтимоий уйғунлик эълон қилиш, давлатни ишлаб чиқаришнинг оддий бошқармасига айлантириш тўғрисидаги қоидаларнинг ҳаммаси синфий қарама-қаршиликларни йўқ қилиш зарурлигини ифода қилади, холос; бу синфий қарама-қаршиликлар эса эндигина ривожлана бошлаган эди ва уларга маълум бўлган чоғида ҳали аниқ шаклга кирмаган ибтидоий ҳолатда эди. Шунинг учун бу қоидалар ҳам ҳали бутунлай утопик характердадир.
Танқидий-утопик социализм ва коммунизмнинг маъноси тарихий ривожланишга терс келади. Синфий курашдан юқори туришга ҳаракат қилишдан иборат бўлган бу хаёлий интилиш, синфий курашни хаёлий йўл билан енгишдан иборат бўлган уриниш синфлар кураши ривожланиб муайян шаклга кира борган сари бутун амалий аҳамиятини йўқотиб бормоқда ва назарий жиҳатдан бемаъни бир нарса бўлиб қолмоқда. Шунинг учун бу системаларни тузувчилар кўп жиҳатдан революцион бўлган бўлсалар ҳам, уларнинг шогирдлари ҳамма вақт реакцион секта бўлиб қоладилар. Улар пролетариатнинг тарихий жиҳатдан тобора ривожланиб боришига қарамасдан, ўз устозларининг эски нуқтаи назарларига қаттиқ амал қилмоқдалар. Шунинг учун улар сабот билан синфий курашни яна ҳам сусайтиришга ва қарама-қаршиликларни муроса йўли билан ҳал қилишга уринмоқдалар. Улар ҳали ҳам ўзларининг ижтимоий утопияларини тажриба қилиб кўриш воситаси билан амалга ошириш тўғрисида, алоҳида фаланстёрлар тузиш тўғрисида, ички колониялар [«Ноme-соlоnies»] барпо қилиш тўғрисида, кичик Икария тузиш, яъни янги Қуддусча яратиш тўғрисида хаёл қиладилар ва шу ҳавойи орзуларнинг ҳаммасини рўёбга чиқариш учун хайр-эҳсон сўраб буржуазиянинг шафқатига ва ҳамёнига мурожаат қилишга мажбурдирлар. Улар секин-аста юқорида тасвир этилган реакцион ёки консерватив социалистлар даражасига туша бораётирлар, улардан ўзларининг доимий педантизмлари билан ва ўз социал фанларининг мўъжиза кўрсата олишига мутаассибларча ишонишлари билангина фарқ қиладилар.
Шунинг учун улар ишчиларнинг ҳар қандай сиёсий ҳаракатларига, бу ҳаракатлар фақат онгсизлик орқасида янги инжилга ишонмаслик натижасида пайдо бўлаётир, деб ўйлаб, жон-жаҳдлари билан қарши чиқмоқдалар.
Англияда оуэнчилар чартистларга, Францияда фурьечилар реформистларга қарши чиқмоқдалар.
Ⅱ бўлимда айтилганлардан кейин, ҳозир уюшиб бўлган ишчи партияларига, яъни Англиядаги чартистларга ва Шимолий Америкадаги аграр реформа тарафдорларига коммунистларнинг қандай муносабатда эканликлари маълум.
Коммунистлар ишчилар синфининг энг яқин мақсад ва манфаатлари йўлида курашадилар, аммо айни замонда улар бугунги кундаги ҳаракатда ҳам унинг келажагини ҳимоя қиладилар. Францияда коммунистлар консерватив ва радикал буржуазияга қарши курашда социалистик-демократик партияга ёндошадилар, шундай бўлса ҳам, революцион анъаналардан келиб чиқадиган қуруқ гап ва хомхаёлларга танқидий назар билан қарашдан воз кечмайдилар.
Швейцарияда коммунистлар радикалларни қувватлайдилар, бироқ бу партиянинг бир-бирига зид элементлардан, яъни қисман французча услубдаги демократ социалистлардан, қисман радикал буржуалардан иборат эканлигини унутмайдилар.
Поляклар орасида коммунистлар, аграр революция миллий озодликнинг зарур шартидир, деб билган пар тияни, яъни 1846 йилда Краков исёнига сабаб бўлган партияни қувватлайдилар.
Германияда, буржуазия революцион ҳаракат қилаётганлиги учун, коммунистик партия абсолют монархияга, феодал ер эгалигига ва реакцион мешчанликка қарши буржуазия билан бирга курашади.
Лекин немис ишчилари буржуазия ҳукмронлиги билан бирга вужудга келиши керак бўлган ижтимоий ва сиёсий шароитдан дарҳол буржуазиянинг ўзига қарши қурол сифатида фойдалана олишлари учун, Германиядаги реакцион синфлар ағдарилиши биланоқ буржуазиянинг ўзига қарши кураш бошланиб кетиши учун коммунистик партия буржуазия билан пролетариат ўртасидаги душманлик қарама-қаршилигини ишчиларга мумкин қадар аниқроқ тушунтириш ишидан бир минут ҳам тўхтамайди.
Коммунистлар ўзларининг асосий эътиборларини Германияга берадилар, чунки Германия буржуа революцияси арафасида турибди. Германия умуман Европа маданияти кўпроқ тараққий қилган бир шароитда, пролетариати ⅩⅦ асрдаги Англия пролетариатига ва ⅩⅧ асрдаги Франция пролетариатига қараганда хийла тараққий қилган бир вақтда бу тўнтаришни амалга оширади. Бинобарин, немис буржуа революцияси пролетар революциясининг бевосита муқаддимасигина бўла олади.
Қисқаси, коммунистлар мавжуд ижтимоий ва сиёсий тузумга қарши қаратилган ҳар қандай революцион ҳаракатни ҳар қаерда ҳам қўллайдилар.
Бу ҳаракатларнинг ҳаммасида ҳам коммунистлар мулк масаласини, унинг қандай тус олганлигига қарамасдан, бутун ҳаракатнинг асосий масаласи қилиб биринчи ўринга қўядилар.
Ниҳоят, коммунистлар барча мамлакатлардаги демократик партияларнинг бир-бири билан бирлашуви ва келишуви учун ҳамма ерда ҳам ҳаракат қиладилар.
Коммунистлар ўз қарашлари ва ниятларини яширишни разиллик деб биладилар. Улар мавжуд бўлиб турган бутун ижтимоий тузумни зўрлик билан ағдариб ташлаш билангина ўз мақсадларига эриша олажакларини рўйирост айтадилар. Ҳукмрон синфлар Коммунистик Революциядан қўрқиб титрасинлар. Пролетарлар бу революцияда ўз кишанларидан бошқа ҳеч нарсани йўқотмайдилар. Аксинча, улар бутун дунёга эга бўладилар.
Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!